СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ

АБДУҲАКИМ ХАДЖИБАЕВНИНГ

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

 

Ҳурматли тиббиёт ходимлари,

Қадрли юртдошларимиз!

Шу тароватли кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.

 

Барчамизнинг ёдимизда, ўтган йили айни шу кунларда давлатимиз, халқимиз бошига улкан бир синов, бутун дунё аҳлини таҳликага солган коронавирус инфекциясининг тарқалиши бошланган эди. 

 

Ҳайриятки, давлатимиз томонидан ўз пайтида кўрилган тезкор, тизимли чора-тадбирлар ҳамда Сиз азиз ҳамкасбларимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнатларингиз натижасида ушбу хатарли касалликнинг кенг тарқалишига йўл қўйилмади, айни пайтда юртимизда вазият барқарор бўлиб турибди.

 

Шунга қарамасдан, коронавирус инфекциясига қарши курашнинг энг оқилона, самарадор усули бўлган аҳолини вирусга қарши оммавий эмлаш жараёнини бошлаяпмиз. Ушбу кенг қамровли жараён биз тиббиёт ходимлари зиммасига улкан масъулият юклайди, ишонаманки, пандемия даврида халқимиз ишончини қозонган шифокору ҳамшираларимиз ушбу вазифага ҳам сабр-қаноат, фидойилик билан ёндашиб, вакцинация жараёнини намунали тарзда ўтказади. 

 

Бу йил карантин талаб-қоидаларига амал қилинган ҳолда Наврўз умумхалқ байрами катта сайл тарзида эмас, фақат маҳаллалар миқёсида кўп одам йиғмасдан ўтказилмоқда. Аммо ушбу шодиёна ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидаги чуқур ўрнини  йўқотмаган. 

 

Барчангизга аёнки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан 21 март бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида нишонланади. Кейинги йилларда, албатта, ушбу байрамни катта шодиёна кўринишида ўтказиш барчамизга насиби рўз айлаган бўлсин! 

 

Фурсатдан фойдаланиб, азиз тиббиёт ходимлари, қадрли юртдошларимизни ҳаммамиз учун суюкли ва ардоқли Наврўз байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман! Барчангизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик, бахту саодат тилайман! Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин! 

 

НАВРЎЗИ ОЛАМ БАРЧАМИЗГА МУБОРАК БЎЛСИН!