Абдуллаев Нурмамат Абдуллаевич!

Абдуллаев Нурмамат Абдуллаевич!



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизими ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институти ва клиника жамоаси оғир жудоликка учради. Шафқатсиз ўлим орамиздан маҳоратли раҳбаримиз, таниқли терапевт олим, Самарқанд давлат тиббиёт институти даволаш ишлари бўйича проректори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Соғлиқни сақлаш ходими Нурмамат Абдуллаевич Абдуллаевни олиб кетди.
 
  Н.А.Абдуллаев 1945 йил 12 апрелда Хоразм вилояти Хива шахрида туғилган. 1967 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини имтиёзли тамомлаган.1967-1969 йилларда институтнинг факультет терапия кафедрасида клиник ординатор, 1969-1972 йилларда аспирант, 1972-1993 йилларда ассистент, доцент лавозимларида ишлаб, бир вақтнинг ўзида бўлим мудири вазифасини бажарган. 1973 йилда номзодлик диссертациясини ёқлаган, 1991 йилда доцент илмий унвони берилган.
 
  Н.А.Абдуллаев 1993 йилдан то шу кунга қадар Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиник шифохонаси бош врачи лавозимида узлуксиз ва самарали ишлаб келган. Унинг рахбарлигида беморларга юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди ва профилактика ишларининг самарадорлиги оширилди. Шифохона моддий техника базаси мустахкамланди. Замонавий халкаро андозаларга мос юқори технологияли даволаш-диагностика усуллари амалиётга жорий қилинди, сервис хизматлари ташкил этилди. Клиника базасидаги институт кафедра (курс)ларида ўқув-илмий-даволаш ишларини олиб бориш учун шароитлар тубдан яхшиланди. Институт профессор-ўкитувчиларининг вилоятларда Соғлиқни сақлаш тизимига кўрсатган амалий ёрдам ишлари самарадорлиги оширилди.
 
  Н.А.Абдуллаев юқори малакали тиббиёт ходими сифатида замонавий билимга эга тиббиёт ходимларини тайёрлаш, соғломлаштириш-профилактик тадбирлар сифатини юксалтириш борасида самарали иш олиб борган тажрибали раҳбар эди.
 
  Н.А.Абдуллаев маҳоратли раҳбар бўлиши билан бирга катта клиник тажриба ва чуқур билимга эга бўлган врач-терапевт сифатида оғир мураккаб беморларни рационал даволаш орқали минглаб касалларни хаётга қайтаришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Ўзининг инсонпарварлиги, халқчиллиги туфайли Самарқанд вилоят, шаҳар жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат эътиборга сазовор бўлди. Меҳрибон ота, оилапарвар инсон сифатида 4 фарзандни тарбиялаб, хаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишларига шарт-шароит яратди.
 
  Н.А.Абдуллаев Ўзбекистон Респуликаси Президенти Фармонлари билан мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» Фаҳрий унвони ва «Фидокорона хизматлари учун» Ордени билан тақдирланган. Шунингдек у «Соғлиқни сақлаш аълочиси» ва бир қатор бошқа кўкрак нишонларининг ҳам соҳиби бўлган.
 
   Нурмамат Абдуллаевич Абдуллаев атрофдагиларнинг муҳаббати ва ҳурматига сазовор бўлган, меҳрибон, самимий ва ажойиб инсон эди.  Нурмамат Абдуллаевни ёрқин хотираси қалбимизда абадий сақланажак.
 
СамМИ 1-клиникаси маъмурияти